Тошкент шаҳридаги Миллий боғда Ўзбек тили байрами куни муносабати билан буюк шоир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.

“Uzbekistan Airways” Aкциядорлик жамияти раҳбарияти, етакчи учувчи ва борткузатувчилари бугун 21 октябрь куни Миллий боғда бўлиб ўтган тантанали тадбирда иштирок этиб, буюк аллома, ўзбек адабий тилининг асосчиси, ҳазрат Алишер Навоийга ўз эҳтиромларини билдирган ҳолда унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар.

Мир Алишер Навоийнинг ўзбек тили ривожига қўшган ҳиссаси, тилимизга бўлган эътибори, машҳур “Ҳамса” асари, асардаги беш достон қаҳрамонлари ёдга олиниб, шоирнинг гўзал рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқидилар.

Ўзбек тилининг неча минг йиллик тарихга эга эканлиги, ҳазрат Навоий «Тилга эътибор-элга эътибор» ибораси ила бизни она тилимиздан фахрланишга, ғурурланишга ундашлиги, ана шу тилда «Хамса»ни битиб, ўзбек тилига асос солгани ва тилимизни юксакларга кўтарганини яна бир бор фахр ва эҳтиром ила хотирладилар.

Дарҳақиқат, замондош тилшуносларимиздан бири: «Навоий ижоди тилимизни ўрганиш учун чексиз уммондир», – деган эди. Алишер Навоийнинг улуғ мақсади туркий тилнинг ифода имкониятларини ва унинг бадиий хусусиятларини дунёга кўрсатишдан иборат бўлган. Улуғ аждодимизнинг асарларини ўқиганимизда ўзбек тилининг илдизи қанчалик чуқур эканлиги, бу тилнинг имкониятлари нақадар кенглигини англаймиз. Мир Алишер Навоий она тилимизнинг афзалликларини инкор этиб булмайдиган далиллар билан исботлаб берди.

Чунки топтим ул калом ичра камол,
Турк алфози била сурдум мақол…
Турк назмида чу мен тортиб аълам,
Айладим ул мамлакатни якқалам, деб ёзганида буюк шоир қанчалар ҳақ эди…

Миллатимиз руҳининг, маданиятининг, маънавиятининг калити бўлган тил ҳар доим ҳар биримизнинг эътиборимизда, эътирофимизда бўлиши даркор. Миллий тилимиз халқимизнинг ижоди, асрлар мобайнида яратган бойлиги, унинг онги, фахри, фикримиз зикри, қалби ва юрак ўти эканлигини тўла англаб етолмасак, унга нисбатан ҳурматсизлик, беодоблик қилган бўламиз.

Тилимизнинг миллий жозибасини сақлаш, қадрлаш, унинг софлиги, қадр-қимматини асраб қолиш, халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада ошириш, аждодлар маънавий меросини чуқурроқ ўрганиш, тилимизга эътибор ва эъзоз кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Print Friendly, PDF & Email