“Namangan xalqaro aeroporti” МЧЖда буюк бобокалонимиз, ғазал мулкининг султони, Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

       Тадбирда Наманган вилояти ёзувчилар уюшмаси раиси Зиёвуддин Мансур, уюшма аъзоси Руқияхон Ғозиева, НамДУ катта ўқитувчиси Нозима Қозоқовалар сўзга чиқишди.

– Буюк шоирнинг бебаҳо ўгитлари ёш авлодда юксак маънавият, ватанпарварлик, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни шакллантиришда ғоят муҳим ўрин тутади. Бу бетакрор асарлар орқали эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби олижаноб фазилатлар моҳиятини теранроқ англаймиз, – дейди Зиёвуддин Мансур ўз сўзида.

      Йиғилганларда Нозима Қозоқованинг “Алишер Навоий ижодида ватанпарварлик туйғуси” мавзуидаги маърузаси катта қизиқиш уйғотди.

          Бугунги кунда юртимизда буюк аждодларимиз номини тиклаш, маънавий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Мир Алишер Навоий бобомизнинг тенгсиз маънавий мероси келажак авлодлар учун ҳам ҳаёт мактаби бўлишини алоҳида таъкидланди.

      Дарҳақиқат, мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, умри давомида бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганини англаймиз.

            Кеча мушоирага айланиб кетди. Сўзга чиққанлар аввал Навоий ғазалларидан ўқишди, шу билан бирга ўз қаламларига мансуб шеър ва мухаммаслари билан даврага завқ бағишладилар.

                     “Namangan xalqaro aeroporti” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Абдуллаев

Print Friendly, PDF & Email