Давлатимиз Рахбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, ишчи ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш  ҳамда стол теннисига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида, Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг спорт тадбирлари иш режасига асосан тасарруфидаги барча корхона ва ташкилот ходимлари ўртасида жорий йилнинг 25-27 июнь кунлари стол тенниси бўйича Республика Кенгаши биринчилиги бўлиб ўтди.

Мусобақада Республикамизнинг деярли барча вилоятларидан ҳамда Тошкент шаҳридан жами 21 жамоа, 43 нафар иштирокчилар билан қатнашиб, улар орасида аёл спортчиларнинг борлиги эътирофга сазовор бўлди.  

Спорт мусобақаси эркаклар ва аёллар ўртасида алоҳида ҳамда умумжамоа миқёсида ўтказилиб қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Ғолибликни қўлга киритиш мақсадида ўз маҳоратларини кўрсатиб, жиддий кураш олиб борган спортчилар ва ниҳоят ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришдилар.

Эркаклар ўртасида теннис столи қаршисидаги рақибларини бирин-кетин мағлуб этиб, ярим финал босқичига етиб борган “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-2 иштирокчиси Б.Ахунджанов 3-ўринни, жиддий қаршилик кўрсатиб финалдаги рақибига сўнгги партияда мағлуб бўлган “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-1 иштирокчиси С.Хамракулов 2-ўринни ва мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, “мусобақанинг энг яхши теннисчиси” деб топилган “Ўзаэронавигация” маркази ДУК иштирокчиси С.Шукуров 1-ўринни эгалладилар.

Аёллар ўртасидага баҳслар алоҳида эътиборни тортган жиҳати, улар теннис бўйича спорт мастерлари каби ўз маҳоратларини намоён этдилар.

Аёллар ўртасида ёш бўлишига қарамай қўшиб берилган сўнгги сонияларгача матонат билан курашган “Ўзаэронавигация” маркази ДУК иштирокчиси Н.Сим 3-ўринни, жиддий қаршилик кўрсатиб сўнгги қўшимча партияда имкониятни бой берган “Урганч ҳалқаро аэропорти” МЧЖ иштирокчиси Досчанова Ю. 2-ўринни, бирорта рақибига имкон қолдирмай мутлақ чемпионликни қўлга киритган “Қарши ҳалқаро аэропорти” МЧЖ иштирокчиси Д.Хусанова 1-ўринни эгалладилар.

Жамолар ўртасида бўлиб ўтган муросасиз баҳслар нафақат томошабинлар, балки, Ўзбекистон стол тенниси Федерациясининг мураббий ва спорт усталари диққатини ҳам ўзига тортди.

Ярим финалда “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-1 ва 2 ҳамда “Ўзаэронавигация” маркази ДУК жамолари бир бирларини ҳурмат қилган холда, ҳақиқатдан ҳам жиддий қаршилик кўрсатиб, ғолиблик чўққиси сари интилдилар.

Узоқ давом этган партиялар натижаларига кўра “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-2 жамоаси 3-ўринни, “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ-1 жамоаси 2-ўринни ва мусобақамизнинг мутлақ ғолиби деб топилган “Ўзаэронавигация” маркази ДУК жамоаси 1-ўринни эгалладилар.

Ҳакамлар жамоаси барча ғолибларни тантанали равишда тақдирлаб, эсдалик совғалар улашдилар.

Тадбир қатнашчилари Республика Кенгаши ташкилотчиларига, Ўзбекистон стол тенниси Федерацияси рахбариятига миннатдорчилик ва ташаккурлар изҳор этиб, барча фаолларга нисбатан илиқ сўзлар билан миннатдорчилик билдирилдилар.

“Спорт мусобақасининг ташкил этилишидан асосий мақсад –  авиаходимлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, юзма-юз мулоқот жараёнида тажрибали ходимлардан керакли маслаҳатлар олиш ва уларни ишга тадбиқ қилиш ва энг асосий ходмларни спорт билан шуғуллантириш орқали соғлом турмуш тарзини янада яхшилаш” – дея таъкидлади мусобақа ташкилотчиси РК маънавий-марифий ва спорт ишлари бўйича етакчи мутахассиси Ш.Мамиров.

Print Friendly, PDF & Email