Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ўқув марказида ўтказилган салкам 40 соатлик ўқув курсларида бухгалтерлар касбий маҳоратларини ошириш билан бирга соҳага доир билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамладилар.
Машғулотлар Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари ва пойтахт олий ўқув таълим масканлари ўқитувчилари томонидан юқори савияда олиб борилди.
Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Ш.Мингалиев бу каби ўқув курсларини ўтказишдан асосий мақсад – ходимларни соҳага доир чоп этилаётган янги ўқув қўлланма ва дастурлар билан таништириш, қабул қилинаётган қарор ва қонунлардан хабардор қилиб боришдан иборат эканлигини таъкидлади. Бухгалтерлар, шунингдек касаба уюшмасига аъзолик бадалларини тақсимлаш, қўмита бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасидаги билимларини мустаҳкамладилар. Шу билан бирга, бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини амалиётда қўллаш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар таркибига кирувчи даромадлар хусусида ҳам етарлича маълумот олишди. Молия ва ҳисобот йўналиши бўйича чоп этилаётган янги ўқув йўлланма, дастур ҳамда қабул қилинаётган қарор ва қонунлардан хабардор бўлдилар. Айниқса, республикамиз солиқ сиёсати, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар, касаба уюшмалари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, интернет тизимини ўзлаштириш борасидаги ахборот тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Курслар якунида тингловчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўқув марказининг «Гувоҳномаси» топширилди.
Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги касаба уюшма қўмиталари ҳисобчилари малака ошириш курсларини ўтадилар