«Термиз» халқаро аэропорти касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ички туризмни ривожлантириш мақсадида аэропортнинг ишчи-ходимлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда ишламайдиган пенсионерлардан иборат 50 кишилик гуруҳ учун жорий йилнинг 18 – 21 март кунлари мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари Бухоро ва Хивага тўрт кунлик саёҳат ташкиллаштирилди.
Сайёҳлар Бухоро шахрининг тарихий обидалари, хусусан, Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси, Арк қўрғони, Пойи Калон ансамбли, Лаби ҳовуз мажмуаси каби диққатга сазовор жойлар, мустақиллик йилларида бунёд этилган замонавий иншоотлар, кенг ва равон кўчалар, дилкаш боғ ва хиёбонлар бўйлаб сайр қилдилар.
Саёҳатнинг учинчи куни эса Хивадаги йигирма олти гектар майдонни эгаллаган , тўрт тарихий даврда бунёд этилган 54 та тарихий обидани ўзида мужассам этган, баланд пахса девор билан ўралган Ота, Полвон, Тош ва Боғча дарвоза номли тўртта дарвозаси бор, ўзига хос меъморий иншоот – қадимий Ичан қалъа ҳайрат ила зиёрат қилинди.