2017 йилнинг 06 июль куни Ўзбекистон авиаходимлар касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан “Ўзбекистон хаво йўллари” Миллий авиакомпания Ўқув-машқ марказида бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ва ҳисобчилари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Ўқув-семинарда 50 га ортиқ касаба уюшма фаоллари иштирок этди.
Ўқув-семинар “Касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этиш” мавзуси асосида олиб борилди.
Ўқув-семинар дастури доирасида тингловчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” маърузасининг аҳамияти, Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда барча даражадаги касаба уюшма органлари ҳаракатларини бирлаштириш, Ўзбекистон Республикаси “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” Қонунлари, “Касаба уюшмалари органларида иш юритишни ташкил этиш”, “Бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасида касаба уюшмаларининг вазифалари”, “Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг долзарб масалалари” каби мавзулар бўйича ҳам малакаларини оширдилар. Машғулотлар Республика Кенгаши мутахассислари томонидан мулоқот ва интерфаол усулида олиб борилди ва ўқув семинар қатнашчиларига тарқатма материаллар берилди.
Республика Кенгаши мутахассислари кўмагида бу каби ўқув-семинарларни тизимли ташкил этиб бориш, шу мақсадда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ва фаолларининг ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш орқали салоҳиятларини ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Шунингдек, ўқув-семинар иштирокчилари касаба уюшмалари органларини фаолиятини янада такомиллаштириш, белгиланган дастурлардаги вазифаларни бажарилишини таъминлаш, ҳамда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан фикр алмашилди.