Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бирлаштирувчи корхона ва муассасалар ходимлари ўртасида ўтказилган «Энг фаол ёш авиаходим» танловининг тармоқ финал босқичи ниҳоясига етди.
Ушбу танловда касаба уюшмасига аъзо, 35 ёшгача бўлган 20 дан ортиқ таркибий бўлинмалар ғолиби бўлган ёш фаол мутахассислар иштирок этди. Улар қизиқарли тақдимотлар, видеороликлар ёрдамида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этиб, ҳакамлар ҳайъати саволларига аниқ, пухта жавоб бердилар.
Якуний натижаларга кўра «Самарқанд» халқаро аэропорти халқаро ташувларни ташкил қилиш хизмати бош агенти Муҳайё Ҳамраева «ғолиб» деб топилди. 2-ўрин «Нукус» халқаро аэропорти иқтисодчиси Ислам Ерназаров ҳамда «Ўзаэронавигация» маркази диспетчери Науфал Рахимовга, 3-ўрин Учувчилар мажмуаси А320 ҳаво кемаси иккинчи учувчиси Константин Кочнев ва «Uzbekistan Airways Techniks» корхонаси авиатехниги Илхом Масаидовга насиб этди. Ғолиблар қимматли совға ва дипломлар билан тақдирланди ва Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тавсияси асосида танловнинг республика босқичида иштирок этади.
Танлов сўнгида барча қатнашчилар Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди. Кенгаш раиси Ш.Мингалиев иштирокчиларнинг юқори тайёргарлигини эътироф этган ҳолда ушбу танлов ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топиши, иқтидорли ёш авиаходимларнинг касбий билим даражасини аниқлаш, улар орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларни ҳаётга тадбиқ этишларида муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди.