28 апрель куни Халқаро меҳнатни муҳофаза қилиш куни нишонланади. Ушбу кунда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишни мақсад қилган соғлом ва хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
Халқаро меҳнат муҳофаза қилиш куни арафасида “Ўзаэронавигация” марказида “Меҳнат муҳофазаси – маъмурият ва касаба уюшмасининг энг муҳим вазифаси” семинар – давра суҳбати ўтказилди.
Семинар ишида Республика бандлик ва аҳолининг ижтимоий муҳофазаси илмий маркази директорининг ўринбосари Шарапов А.Р., халқ депутатлари Яшнобод туман кенгаши депутати Зокиров Ё.Т., тиббиёт фанлари номзоди Феофанов В.Н., “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК меҳнат муҳофазаси бўлими бошлиғи Шадиева К.И., Ўзбекистон авиаходимлар касаба уюшмаси РКнинг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Умаров Ғ.Х., фуқаро авиацияси фахрийлари Глушко Л.И., Куцерупов А.П. ҳамда “Ўзаэронавигация” марказининг раҳбар таркиби иштирок этди ва қизиқарли мавзуларда чиқиш қилди.
Тадбирда таъкидланишича, бутун дунёда ушбу кунда меҳнат соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва хавфсиз иш шароитларини таъминлаш, ишловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини асрашга қўмаклашувчи тадбирлар ўтказилади. Тадбирларнинг аксарияти маърифий ва ахборот характерига эга бўлиб, хавфсиз меҳнат муаммолари, унинг шароитларини яхшилаш зарурлиги, меҳнат фаолиятининг умумий маданиятини оширишга эътиборни жалб этишга қаратилган. Моҳиятига кўра ушбу кун – ўз касбий бурчини бажараётиб ҳалок бўлган ёки тан жароҳати олганларнинг барчасини хотирлаш халқаро кунидир.
Бугунги кунда меҳнаткашларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги жамоатчиликнинг жиддий диққат-эътиборидадир. Хавфсиз меҳнат учун шароитлар яратиш, бинобарин ходимларнинг барқарорлиги ва ҳимояланганлиги ҳиссини таъминлаш ижро ҳокимияти органлари ишининг энг муҳим йўналишидир. Меҳнаткашларнинг “ёш” деб аталувчи тоифасини хавфсиз меҳнат масалалари бўйича қўшимча хабардор этиш зарурлиги алоҳида ажралиб туради. Айнан шунинг учун 2018 йилда семинарнинг мавзуси этиб “Меҳнат муҳофазаси: ёш ходимлар айниқса заифдир” мавзуси танланди.