Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси қарорига асосан ҳар 2 йилда ўтказиладиган «Энг наъмунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови жорий йилда Республикамиз бўйлаб юқори савияда ўтказилди. Касаба уюшмалари фаолияти натижаларини сарҳисоб қиладиган ушбу-кўрик танлов Авиация ходимлари касаба уюшмаси тармоғида кўтаринки рухда якунига етди.  

Июн-июл ойларида кўрик-танловининг биринчи босқичи бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ўтказилиб, Республика-тармоқ босқичида республикамизнинг барча худудларидан 14 та бошланғич ташкилотнинг хужжатлари Республика Кенгашига тақдим этилди. Авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган комиссия аъзоларига иш хужжатларининг хажми катталиги янада юқори маъсулият юклади, албатта! Авиация тизимининг қайта қурилишидан кейин саралаб олинган салоҳиятли кадрлар ва кўп йиллик тажрибага эга касаба уюшма қўмитаси раисларининг қарама-қаршилиги, иш хужжатлари, тайёрланган албомлар ижобий рақобат муҳитини яратиб берган эди.

Бошланғич ташкилотларнинг ўз ишларини ҳимоялаш мақсадида олиб келган қўшимча ишлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи қарорлари ижросини бажарилишига алоҳида албомлар тайёрлаб келгани таҳсинга сазовор. Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида самарали меҳнат қилиб, инсон қадрини биринчи ўринга қўядиган касаба уюшма раисларининг биринчи ўрин учун кескин кураши комиссия аъзоларини қувонтиргани шубҳасиз!

Республика комиссияси томонидан барча тақдим этилган хужжатлар “Энг намунали бошланғич ташкилот кўрик-танлови тўғрисидаги Низом” асосида кўриб чиқилди ва баҳолаш мезонларида белгиланганидек, тўғри ва холис тўлдирилиб, комиссия хулосаси кўрсатилган баённома Республика Кенгаши Ижроия қўмитасига тақдим этилди.

Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг ушбу бошланғич ташкилотни Республика финал босқичига тавсия этиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига тақдим этишга асос бўлди.

Кўрик-танловни тақдирлаш маросимини ўтказиш учун куни кеча 30 августда тизимдаги барча  бошланғич ташкилот раислари Республика Кенгаши биносига таклиф этилди. Худудий касаба уюшма қўмиталари тақдирлаш маросимига ZOOM платформаси орқали онлайн қатнашишди. Комиссия раиси А.Абдувалиев икки йўналиш бўйича ғолибларни эълон қилиб борди, шу жараёнда Республика Кенгаши раиси У.Назиров барча ғолибларни пул мукофоти, диплом ва гулдаста билан тақдирлади. Шунингдек, кўрик-танловда фаол иштирок этган барча ташкилотларга Ижроия қўмитаси қарори асосида пул мукофоти тайёрлангани давомий олқишларга сабабчи бўлди. Ўз меҳнатларини самарасини кўриш кимни қувонтирмайди, дейсиз!

      Ғолибларга тўхталадиган бўлсак, қуйидагича аниқланди:

      Раислари асосий ишидан озод қилинган бошланғич касаба уюшма қўмиталари ўртасида ғолиблар:

1-чи ўрин – “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси;

2-чи ўрин – “Uzaeronavigatsiya” маркази касаба уюшма қўмитаси;

3-чи ўрин – “I.Karimov nomidagi Toshkent xalqaro aeroporti” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси.

Раислари асосий ишидан озод қилинмаган бошланғич касаба уюшма қўмиталари ўртасида ғолиблар:

1-чи ўрин – “Nukus xalqaro aeroporti” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси;

2-чи ўрин – “Uzaviatsiya” Агентлиги касаба уюшма қўмитаси;

3-чи ўрин – “Urganch xalqaro aeroporti” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси.

Аксарият бошланғич ташкилотларимиз Тошкент шаҳрида жойлашган бўлсада, асосий ишидан озод қилинмаган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ғолиб  бўлган “Nukus xalqaro aeroporti” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси раиси, каратэ шотокан спорт тури бўйича Осиё ва жаҳон вице-чемпиони, авиация фаҳрийси Р.Х.Алланиязов тақдирлаш маросимига ташкилий ишлар бўлими томонидан шахсан таклиф этилди.

Республика комиссияси раиси А.Абдувалиев кўрик танловнинг тақдирлаш якунида фикр-мулоҳазаларини билдириб, “Сизларнинг ишингиз – бу машаққат, бу самара, бу тарих! Албатта тарихда қолади! Биз бундан 15 йил олдинги иш хужжатларини ҳам сақлаб қўйганмиз! Баъзида варақлаб ҳотираларни ёдга оламиз! Қилинган ишлардан ғурурланамиз! Эртага ёш авлод, биздан кейинги кадрлар бу ишларни варақлаб ходимлар манфаати ва ижтимоий ҳимояси йўлида қилинган ишлардан ўрнак олади, зеро инсон манфаати ва қадрини юқори ўринга қўядиган давлатнинг келажаги буюк бўлади” – деб, олқишларга сазовор бўлдилар.

 

 Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташкилий ва халқаро ишлар етакчи мутахассиси А.А.Юлдашев

Print Friendly, PDF & Email