Тил – миллат тафаккурининг бебаҳо ҳазинаси, миллат руҳи, миллат кўзгуси, миллат маънавияти, миллат марифати, миллат қадрияти, миллат тимсоли… Бу жумлаларни хохлаганча давом эттиришимиз мумкин. Чунки тил беқиёс. Тил-миллий қадриятларни бирлаштириб намоён этиб турувчи энг мустаҳкам занжир. Бой ва чексиз маънавий хазинадир. Аслида ҳам тил миллатнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда ўша миллатга хос бўлган урф-одатлар мажмуини яққол ифодалайди. Одам дунёни тил билан кўради, тили билан эшитади ва дили билан идрок қилади. Миллатни миллат қиладиган, давлатни давлат қиладиган қудрат, бу – тилдир. Инсон дунёни кўриши, тушуниши, унинг ҳамияти саналади. Мана шу ҳамият тирик бўлса, у ўзини ҳимоя қила олади, миллат сифатида узоқ яшайди.
1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бош Қомусимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили қонун йўл билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди. Давлат тили ҳакидаги қонуннинг қабул қилиниши эса, тилимизнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтирди. Давлатимиз ва миллатимиз тимсоли бўлмиш она тилимизни асрашимиз, мавқеини ва нуфузини кўтаришимиз ҳар биримизнинг муқаддас вафизаларимиздандир.
Шунингдек, кундалик ҳаётимизда ҳар куни қўлланадиган, эҳтиёжимизга айланган она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш бўйича муҳим ва долзарб вазифалар Президентимизнинг 2019 йилнинг 21 октябрида имзолаган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида аниқ-тиниқ белгилаб берилди. Фармонда давлат тилини ривожлантириш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва «Йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш, «Ўзбек тили байрами куни»ни нишонлаш буйича ишларни мувофиқлаштириш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни муомалага киритиш каби бир қанча вазифаларни амалга ошириш таъкидланди. Бу ҳужжат юртимизда тилимиз ривожи, уни сақлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ва, гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда ушбу Фармонда кўзда тутилган вазифаларни амалга татбиқ қилиш борасида сезиларли ишлар олиб бориляпти.
Бугунги кунда она тилимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол кўлланилиб, жаҳон манбалари ва минбарида баралла янграмокда. Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида ўзбек тилидаги нутқ эса, тилимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини яна бир бор мустаҳкамлади ва ҳалқимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди.
Миллий тилга эътибор ва эҳтиром миллатсеварлик, ватанпарварлик, олижанобликнинг ёрқин ифодаси. Тил миллатга, жамиятга, Ватанга дахлдор олий тушунча. Тил масаласи, унга эътибор ва эъзоз кўрсатиш, миллат маданияти ва миллат маънавияти учун бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизнинг бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим. Мамлакатимизда ўзбек тили байрами кенг нишонланланаётгани, юртимизда тилимиз ривожи, уни сақлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни Она ватанга эҳтиром ва садоқат, деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак».