Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан жорий йилнинг 22-28 июнь кунлари Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми бўлиб ўтди.
Форумда йирик халқаро ташкилотлардан нуфузли делегациялар иштирок этгани ва 20 га яқин мамлакатлардан 100 дан ортиқ ёшлар, шунингдек 150 нафардан ортиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари иштирок этдилар.
“ТЕМП-2019” Тошкент Халқаро Форумининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, аввало Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган муқобили йўқ ислоҳотлар ва уларнинг бугунги кундаги ижобий натижалари, мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, илм-фанда ютуқларга эришиши йўлида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор, олиб борилаётган ҳаракатлар ва уларнинг натижалирини алоҳида таъкидлади.
Тантанали очилиш маросимида ҳорижий касаба уюшма марказлари мутасаддилари ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, бунинг натижасида мамлакатимиз ёшларининг илм-фан, санъат, спорт каби кўплаб соҳаларда самарали ютуқларни қўлга киритаётганларини эътироф этдилар. Ҳорижлик меҳмонлар Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган ижтимоий шериклик орқали ёшлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида тўпланган илғор тажрибани оммалаштириш ҳар томонлама фойдали эканлигини таъкидладилар.
Учрашув даврида ҳорижлик ва ўзбекистонлик касаба уюшма ёшлари 3 гуруҳга бўлинган ҳолда қизиқарли интерактив мулоқот орқали бир-бирлари билан яқиндан танишдилар ҳамда турли мавзуларга йўналтирилган тренингларда қатнашдилар.
Форум дастурида иштирокчиларни мамлакатимиздаги салоҳиятли корхоналар, миллий ҳунармандчилик, шунингдек, Тошкент, Самарқанд шаҳарларининг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари билан таништириш, ёш спортчилар, жаҳон ва олимпия чемпионлари билан учрашувлар ташкил этилди.