Ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига кўмак бериш, танлаган касбига садоқат ва ифтихор туйғусини шакллантириш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан биридир. Шу билан бирга инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларни ҳаётга тадбиқ этиш орқали янги иш ўринларини яратиш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда фаоллигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадга қаратилган «Термиз» аэропортида “Энг фаол ёш авиаходим” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда корхонанинг ташаббускор 18 нафар ёш авиаходимлари иштирок этди. Улар йиғилганларни меҳнат фаолиятлари билан таништириб, касбий билим борасидаги иқтидорларини намойиш этдилар. Кўрик-танлов шартларининг бажарилишини ҳайъат аъзолари баҳолаб бордилар.
Қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган беллашув натижасига кўра, учинчи ўрин билет сотувчи кассир Наргиз Ходжамбердиевага, иккинчи ўрин «Термиз» аэропорти ташувларни ташкил этиш хизмати агенти Зарина Амбарқуловага насиб этди. Мутлоқ ғолибликни қўлга киритган Перрон техника бригадаси авиамеханиги Файзулла Туранов эса, танловнинг республика тармоқ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тадбир сўнгида ғолибларга аэропорт касаба уюшма қўмитаси диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширди.